«Навбаҳор», омад бўлсин Сенга ёр!
1 min read

«Навбаҳор», омад бўлсин Сенга ёр!

Наманган шаҳридаги «Паҳлавон» спорт мажмуасида «Навбаҳор» жамоасининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкатжон Абдуразаков, вилоят сектор раҳбарлари иштирок этдилар.

Вилоят раҳбари ўз сўзида ўтган мавсум вилоятимиз футболи учун самарали йил бўлганлиги, Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирокида тарихда илк марта Наманганда 2 та халқаро турнир бўлиб ўтганлиги, миллий терма жамоамиз ўша мусобақаларда зафар қучиб, жумладан, Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритганлиги, Ўзбек футболининг 10 йиллик тантаналари вилоятимизда кенг миқёсда нишонланганлиги, «Навбаҳор»нинг асосий таркиби кумуш медални қўлга киритиб, ўз тарихида илк марта Осиё Чемпионлар лигасига йўл олганлиги, шунингдек, «Навбаҳор-фарм» Биринчи лигада зафар қучиб, Про лига йўлланмасини қўлга киритганлиги, бундан ташқари, «Навбаҳор»нинг U-19, U-16 ва U-13 жамоалари ҳам ўзи иштирок этган чемпионатларда чемпион бўлганлиги, муҳтарам Президентимиз Наманганга ташрифлари чоғида вилоятимиз футболини алоҳида эътироф этганликлари, шунингдек, вилоятимиз мухлислари борасида ҳам тўхталиб ўтганликларини айтиб, янги мавсумда жамоамизга омад ёр бўлишини тилади.

Шундан сўнг, Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкатжон Абдуразаков, вилоят сектор раҳбарлари даврага «Навбаҳор» жамоаси аъзоларини таклиф этилиб, уларга ўтган мавсумда вице-чемпионлик унвонини қўлга киритган жамоамиз футболчилари, мураббийлар штаби ва клуб раҳбариятига кумуш медаллар хамда янги мавсумда тўп сурадиган рақамлари ёзилган янги мавсум формаларини топширдилар.

Жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян, жамоа сардори Ўткир Юсупов сўзга чиқиб, янги мавсумда футбол ишқибозларини хурсанд қилиш, муносиб ўйин кўрсатиш ва натижага эришиш учун барча шароитлар мавжудлигини таъкидладилар.

Шундан сўнг, 2022 йилги мавсумнинг энг ёрқин лаҳзалари акс этган видеоролик намойиш этилди.

Тадбир сўнгида жамоамиз мураббийлар штаби ва футболчилари клуб раҳбарияти билан бирга эсдалик учун суратга тушдилар.

Fikr bildirish