Ижро ва самара
1 min read

Ижро ва самара

2017 йил 29 май. Айнан шу куни Президентимизнинг тегишли фармонлари билан Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Бугун шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қисқа вақт ичида мазкур орган томонидан суд ва бошқа органлардан келаётган ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида етарли тажриба тўпланди. Бугунги кунда Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси, туманлараро, шаҳар ва туманлар бўлимларида фаолият олиб бораётган ходимлар алимент, банк, солиқ, зарар ундириш ва бошқа 20 дан ортиқ турдаги ҳужжатларни қонуний ҳал этиш борасида кунлик тадбирларни амалга ошириб келишмоқда.

Муқаддам коммунал соҳадаги муаммоларга ечим топиб, асосан тўловлар билан шуғулланиб келган бу идора, эндиликда суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижросини таъминлаш йўлида фаолият олиб бормоқда. Шу ўринда таҳлилларга эътибор қаратсак: Наманган вилоятида 2018-2022 йиллар давомида Бюронинг шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан қарийб 8,8 трлн. сўмлик 1,1 миллион дона ҳужжатлар ижроси таъмомланди. Солиқ билан боғлиқ 3,3 трлн. сўмлик 141 210 та ҳужжатнинг ижроси таъминланди. Банк ундируви билан боғлиқ 114 мингта ҳужжат ижросига ечим топилди.

Яна бир муҳим жиҳат: Бюро органлари фаолияти ҳамда ижро ишларини янада такомиллаштириш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, 2020 йилнинг 24 ноябрь куни Президентимизнинг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони шулар жумласидандир. Айнан ушбу фармонда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда бугунги кунда Бюро органлари томонидан тегишли чора-тадбирлар кўриб келинмоқда. Фармонда белгиланган талаблардан келиб чиқиб, бошқарма ва туман бўлими бошлиқларини депутатлар, кенг жамоатчилик учун ҳисобот бериш тизими яратилди.

Бундан ташқари, бошқармада ташкил этилган Туманлараро бўлими давлат ижрочилари бир марталик ҳужжатлар ижросини таъминлаб келмоқда. Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида 17 млрд. сўмлик 45 247 та ижро ҳужжати амалда тамомланди.

Шу ўринда алоҳида айтиш мумкинки, юқоридаги Фармонда 2020 йилнинг 1 декабридан бошлаб 6 турдаги ижро ҳужжатлари бўйича давлат фойдасига ундириладиган маблағлар “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб- қувватлаш учун пропорционал тартибда йўналтирилиши белгиланган эди. Биргина 2022 йил давомида давлат фойдасига ундирилган 97,3 млрд. сўм маблағларнинг тенг ярми пропорционал тартибда дафтарларга киритилган фуқароларни қўллашга йўналтирилди.

Бугунги кунда бўлимлар иш юритувида 24 мингдан ортиқ бу турдаги ҳужжатлар мавжуд. Жойларда ўтказилаётган тадбирларда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлик касб этган. Бу борадаги ишларни рақамларда кўрадиган бўлсак, Бюро органлари ташкил этилгандан бери Наманган вилоятида шу кунга қадар 10.336 та оила яраштирилди. Иш билан банд бўлмаган қарздорларнинг 5.138 нафарини ишга жойлаштиришга кўмаклашилди.

Қайд этиш жоиз, Мажбурий ижро бюроси масъуллари томонидан жойларда амалга оширилаётган тарғибот, шунингдек, суд қарорларини ижро этиш жараёнлари билан боғлиқ тадбирларда қонун таъминлашга эришилмоқда.

Бекзод Мирзаахмедов, МИБ Наманган вилоят бошқармаси бошлиғи

Fikr bildirish