КУЗАТУВ ҲАЯЖОНИ
1 min read

КУЗАТУВ ҲАЯЖОНИ

2022-2023 ўқув йил  ўз ниҳоясига етди. Шу муносабат билан Наманган шаҳридаги 31-умумий ўрта таълим мактабида  бошланғич синф ўқувчиларини юқори синфга кузатиш тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Бундан тўрт йил аввал илк маротаба биринчи синфга 39 нафар ўқувчини қабул қилиб олганимда, улар нигоҳидаги масъумлик, ҳаётга интилиш, бурро-бурро сўзлари мени ҳаяжонга солган, зиммамга юксак ва улкан вазифа юклатилганини ҳис этгандим.

Сир эмас, бошланғич таълим инсон ҳаётидаги муҳим босқич. Ўтган йиллар давомида улар билан она ва боладай бирга бўлдик. Илк йилда ҳар бир ҳатти-ҳаракатилари педогог сифатида эътиборимда бўлиб, ўзлаштиришга қийналадиган ўқувчилар билан алоҳида шуғулландим. Психологик ҳолатларини кузатдим. Бошланғич таълимнинг асосий ва муҳим масъулияти ҳам ўқувчини ҳар томонлама ўрганишдир.

Деярли ҳар бири иқтидорли. Жумладан, Мубина Мирзабоева, Робияхон Одиловаларнинг шеъриятга, адабиётга қизиқишлари катта эди. Бу истеъдодни қўллаб-қувватлаб адабиёт вакилларининг шеърларини таҳлил этдик. Шеър ёза бошладилар. Натижада ўзлари ёзган шеърларини ўқувчиларга тақдим этдилар. 2022-2023 йилда ўтказилган “Камалак юлдузлари” танловида  Наманган шаҳрида фахрли ўринларни эгаллашди. Робияхон Одилова эса танловнинг республика босқичида фахрли 3-ўрин соҳибасига айланди.

Шунингдек, аниқ фанларни эгаллашга интилаётган ўқувчилар талайгина. Синфда ташкил этилган тўгарак жараёнларида фан сирларини ўрганиш имконияти яратилди.  Болажонларимиздан 6 нафари “Кенгуру” Халқаро математика фани йўналишида  мусобақада қатнашди. Унда Севинч Рустамова фаоллиги учун энг кўп лайк йиғиб, 1 миллионлик ваучер ютиб олишга эришди.

Шунингдек, болаларнинг оғзаки нутқини ривожлантириш мақсадида “Ифодали ўқиш” тўгараги мавжуд бўлиб, унда таълимнинг ноъанавий усулларидан кенг фойдаландим. Болажонларнинг  истеъдод ва иқтидорларини намоён эта олишларига интилдим.

Уларни юқори синф остонасига кузатиб қўйиш  ҳаяжонга тўла. Ҳар бири бир олам. Билим олишга иштиёқлари кучли. Мен ишонаманки, юқори синфда ҳам катта натижаларга эришадилар. Юртимиз тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшадиган фарзанд бўладилар.  “Биз янги Ўзбекистон келажагимиз” номли тадбирда шу касб эгаси эканлигимдан фахрландим. “Оқ йўл, азиз ўқувчиларим!” –дедим беихтиёр.

Мохира ИБРАГИМОВА,

31-умумтаълим мактаб, бошланғич синф ўқитувчиси

Fikr bildirish