Миллий сериаллар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш учун субсидия ажратилади
1 min read

Миллий сериаллар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш учун субсидия ажратилади

“Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги (Агентлик) этиб қайта номланди.

Фармон билан қуйидагилар белгиланди:

“Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали таъсис этилади ҳамда 2021 йилдан мунтазам ўтказиб борилади;

кино санъати ва саноати вакилларининг муаллифлик ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарадиган Ўзбекистон кино саноати вакиллари уюшмаси нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилади;

ОТМларнинг кинематография йўналишида таълим олаётган талабаларини қўллаб-қувватлаш учун Худойберган Девонов номидаги давлат стипендияси таъсис этилади;

“Олтин Хумо” миллий кино мукофоти тақдимоти ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб борилади;

“Кинематография фидокори” кўкрак нишони таъсис этилади.

Шунингдек, Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилди.

Миллий сериаллар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун республика миқёсида фаолият юритувчи телеканалларга Агентлик томонидан ҳар йили 12 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда субсидия маблағлари ажратилади.

Бундан ташқари, Марказ ҳужжатли ва хроникал фильмлар ишлаб чиқаришни очиқ танлов асосида ташкил этади.

Fikr bildirish