Наманганга 2023 йилда 100 та замонавий автобус олиб келинади
1 min read

Наманганга 2023 йилда 100 та замонавий автобус олиб келинади

Наманган вилояти ҳокимлигида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ҳайдовчилар ва йўловчилар учун муносиб шароитлар яратишга бағишланган муҳокама йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда махсус эксплуатация-монтаж бўлимлари, йўллардан фойдаланиш бошқармаси томонидан амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил этилди.

«Туманли кунларда йўл чизиқлари кўринмай қолди ва бу ижтимоий тармоқларда ҳақли эътирозларга сабаб бўлди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун фосфорли бўёқлардан фойдаланиш мумкин эди. Йўлларда инновацион ечимларни қўллаш вақти аллақачон келган», — деди вилоят ҳокими Шавкат Абдураззақов.

Мутасаддиларнинг Наманган шаҳри ва туманлар марказларида тирбандликларнинг олдини олиш бўйича таклифлари кўриб чиқилди. Унда айрим тўсилган кўчаларни очиш, бир томонлама ҳаракат тамойилини ривожлантириш масалалари илгари сурилди. Бу борада ривожланган хорижий давлатлар тажрибаси асосида иш олиб борилади.

Йиғилишда вилоятда жамоат транспорти тизимини кенгайтириш, автобуслар йўналишларини кўпайтириш масалалари ҳам муҳокама этилди.

«Давлат раҳбари Олий Мажлисга мурожаатномада автобуслар сонини кўпайтириш, улар учун алоҳида йўлаклар ажратишга эътибор қаратганлари бежиз эмас. Наманганга ҳам келгуси йили 100 тадан кам бўлмаган миқдорда замонавий автобуслар олиб келамиз ва доимий қатновини йўлга қўямиз», — деди Шавкат Абдуразақов.

Маълумот учун, бугунги кунда Наманган вилояти жамоат транспорти тизимида жами 344 та автобус ва 30 та микроавтобус мавжуд.

Fikr bildirish