Остонада Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилади
1 min read

Остонада Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилади

Қозоғистоннинг Остона шаҳри марказида Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари иштирокидаги музокараларда маълум қилинди.

Шавкат Мирзиёев буюк ўзбек шоири, давлат арбоби Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш ҳақида қарор қабул қилингани учун миннатдорлик билдирган.

«Бу умумий тарихимиз ва маданиятимизга катта эҳтиромнинг ёрқин тасдиғи, қардош халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари абадийлиги рамзидир, — деган президент.

Шу билан бирга, давлат раҳбари умумий маданий-тарихий меросни ўрганиш ва оммалаштириш бўйича қўшма тадқиқотлар ўтказиш, шу мақсадда ТВ, радио ва веб-сайтдан иборат қўшма ахборот ресурсини ташкил этиш, буюк ёзувчи ва шоирларимиз асарларини нашр қилишни таклиф этган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг декабрида Оқўрдада икки давлат раҳбари иштирокида бўлиб ўтган музокараларда Қозоғистон президенти ўзбек ва қозоқ халқининг маънавий яқинлиги ва кўп асрлик дўстлиги рамзи сифатида мамлакат пойтахтида Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилишини маълум қилганди.

Алишер Навоий ҳайкали 2017 йилда Хитойдаги Шанхай университетининг марказий майдонига, 2018 йилда Душанбе шаҳрида, 2019 йилда Беларуснинг Минск шаҳрида ўрнатилган. 2021 йилда эса Кореянинг Сеул шаҳрида ушбу давлат арбобининг бюсти ўрнатилган.

Fikr bildirish