Маъмурий ислоҳотнинг асосий ғояси — аҳоли учун қулай шароитлар яратиш ва фуқароларнинг тизимли муаммоларини ҳал этишдир
1 min read

Маъмурий ислоҳотнинг асосий ғояси — аҳоли учун қулай шароитлар яратиш ва фуқароларнинг тизимли муаммоларини ҳал этишдир

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони

Ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятини мутлақо янги тизим асосида ташкиллаштириш мақсадида 16 та йўналиш бўйича аниқ таклифларни ўз ичига олган Президент қарорлари лойиҳалари киритилади. Жумладан:

а) соҳаларда ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга ечим топишга йўналтирилган ташкилий-ҳуқуқий ва молиявий чора-тадбирлар, аҳоли учун қулай шароитлар яратиш, фуқароларнинг тизимли муаммоларини ҳал этиш;

б) бюджет маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, давлат харидлари шаффофлигини ошириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун тенг имкониятлар яратиш орқали давлат харидлари жараёнида рақобатни ривожлантириш;

в) тегишли соҳаларда давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг механизмларини кенг жорий қилиш, 2023 йилдан бошлаб вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг тизим ташкилотларининг айрим функцияларини босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш;

г) тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш (уларга хизмат кўрсатиш, давлат томонидан субсидия тақдим этиш, имтиёз бериш ва бошқача тартибда қўллаб-қувватлаш) ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш;

д) вазирлик ва идораларда ҳамда улар таркибига кирадиган ташкилотлар кесимида коррупция авж олган соҳаларда унинг ривожланиш сабаблари ва шартларини ўрганиш асосида ушбу соҳаларнинг ҳар бирига “ташхис қўйиш” ҳамда коррупция омилларини бартараф этиш;

е) соҳага АКТни кенг жорий этиш, шу жумладан вазирлик ва идораларнинг иш жараёнини рақамлаштириш;

ж) энергияни тежаш, унинг самарадорлигини ошириш ва соҳага қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жалб қилиш.

Маъмурий ислоҳотлар шунчаки ташкилотлар ёки ходимларни қисқартиришдан иборат эмас, асосийси янги ғоя асосида тизим яратилиши керак. Президент фармонида айнан шунга алоҳида урғу берилган.

Бунда янгидан ташкил этилган ҳар бир вазирлик ва идоранинг ўз олдига қўйган аниқ мақсадлари ва стратегияси бўлиши керак. Энди фақат кундалик иш билан машғул бўлмасдан, тизимни бир неча йилга мўлжалланган режалар устига қуриш талаб этилади. Бошқача айтганда “қўл бошқаруви”дан тизимли таҳлил асосидаги ривожланишга ўтилади.

Фармонда ҳар бир давлат ташкилоти ўз фаолиятини ташкил этишда аниқ белгиланган йўналишларни инобатга олиши, бунда энг аввало аҳоли учун қулай шароитлар яратиши, фуқароларнинг тизимли муаммоларини ҳал этиши ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаши зарур.

Fikr bildirish