ФАОЛИЯТНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИШ – ДАВР ТАЛАБИ
1 min read

ФАОЛИЯТНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИШ – ДАВР ТАЛАБИ

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамиша долзарб аҳамиятга эга. Айни кунларда тиббиёт муассасаларида  ўтказилаётган ҳисобот йиғилишларида жорий йил биринчи ярмидаги фаолиятга танқидий-таҳлилий ёндошган ҳолда келгусидаги муҳим вазифалар белгилаб олинмоқда.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида бўлиб ўтган анжуман ҳам ана шу мавзуга бағишланди. Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов жамоатчилик олдида ҳисоб берди. Нотиқ вилоятда ўтган ярим йилликда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш борасида эришилган ютуқлар ҳақида тўхталди ва ўз навбатида эътибор қаратилиши лозим  бўлган масалаларни таъкидлаб ўтди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида асосий урғу бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари иши самарадорлигини оширишга қаратилди. Шу билан бирга турли акция ва тиббий тадбирлар ташкил этилиши туфайли тиббий хизмат кўрсатиш даражаси юксалди. Сурункали касалликларга чалинган ва моддий ёрдамга муҳтож дардманларни соғломлаштириш натижадорлиги ўсди.

Тиббиёт муассасалари моддий-техник имкониятларини яхшилаш, шифокору ҳамширалар касбий маҳоратини ўстириш, соҳанинг бор салоҳиятидан самарали фойдаланиш, даволаш ва диагностика ишлари даражасини юксалтириш ҳам диққат марказида турди. Бироқ тизим фаолиятида хали ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам талайгина. Аҳоли вакилларининг соҳа ишига нисбатан  танқидий муносабатларида кўтарилаётган масалалар шулар жумласидандир.

Йиғилишда  вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Абдумалик Раҳмонов, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори Солижон Мўминов ва бошқалар ўтган давр мобайнида қилинган ишлар қаторида ечимини кутаётган масалаларга ҳам эътиборни қаратдилар. Шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари ҳамда вилоят даволаш-профилактика муассасалари мутасаддиларидан масъулият талаб этилди.

Fikr bildirish